ТОШКЕНТ - 17 августда Миллий матбуот марказида Халқаро мақом санъати анжуманига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Ўзбек миллий мақом санъати маркази бош директори С.Бегматов, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари С.Шукуров ва бошқалар мамлакатимизда миллий санъатимизни равнақ топтиришга устувор вазифа сифатида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Нуфузли анжуманда дунёнинг 70 дан ортиқ давлатидан 300 га яқин санъатшунос олимлар, мумтоз санъат намоёндалари қатнашиши кутилмоқда.
Матбуот анжуманида Ўзбекистон халқ артисти, Мақом куйларини саралаш комиссиясининг аъзоси Маҳмуджон Тожибоев берган хабарига кўра, “Ҳиндистон, Афғонистон, Озарбойжон, Қозоғистон, Хитой, АҚШ, Тожикистон, Туркия, Бельгия, Жазоир, Бангладеш, Сурия ва Эрон каби давлатлар мақом ансамбллари ва яккахон хонандаларининг ижод намуналари анжуман Низом талаблари доирасида ўрнатилган тартибда ўрганилган.Саралаш босқичи давомида эса комиссия аъзолари томонидан Афғонистоннинг «Сафар» гуруҳи, АҚШнинг «Шашмақом академияси» болалар мусиқий жамоаси, Ҳиндистоннинг Устад Иқбал жамоаси, Озарбойжоннинг Саҳиб Пашшазаде раҳбарлигидаги «Мугҳам» ансамбли жамоаси, Хитой Халқ Республикасидан Гулзира Аблат-яккахон ижрочи, Жазоирнинг Джазира мусиқий жамоаси, Тожикистондан яккахон ижрочи Сирожиддин Жўраев, Ҳиндистоннинг Двали мусиқий жамоаларининг ижод намуналари маъқул, деб топилган ва холисона баҳоланган. Бундан ташқари, 6 август куни Ўзбекистон давлат консерваторияси катта залида Халқаро мақом санъати анжумани доирасида ўтказиладиган танловда Ўзбекистон номидан иштирок этиш истагини билдирган созанда, яккахон хонанда ва ансамбллар учун саралаш босқичи кўрик-танлови ҳам бўлиб ўтган”.