Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
10.01.2019 / 17:10:07
Миллий маданиятни ривожлантириш концепциясининг 9 йўналиши такомиллаштириладиЎзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида Матбуот анжумани бўлди. Унда миллий маданиятни ривожлантириш концепциясининг 9 асосий йўналиши масалалари кўриб чиқилди. Бу йўналишлар қуйидагилардир. 1. Моддий, номоддий маданий мерос, музейлар; 2. Театр, кино ва цирк; 3. Миллий мусиқа санъати; 4. Миллий эстрада санъати; 5. Миллий рақс санъати; 6. Тасвирий ва амалий санъат; 7. Маданият ва истироҳат боғлари ҳамда маданият марказлари; 8. Илм-фан, таълим, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш; 9. Маданият туризми. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган маданият ва аҳоли дам олиш марказлари негизида маданият марказлари ташкил этилмоқда. 2019–2022 йилларда янги қуриладиган, реконструкция қилинадиган, капитал таъмирланадиган ва жиҳозланадиган маданият марказларининг манзилли рўйхати тасдиқланди. Рўйхатга кўра 2019–2022 йилларда 147 та объектда қурилиш, таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланди. Янги бино қуриш (26 та объект), реконструкция (45 та объект), капитал таъмирлаш (76 та объект)ни ташкил этади. 2019 йилда давлат буюртмаси асосида Амир Темур (Наманган) ва Ҳаким ат-Термизий (Сурхондарё) мавзуларида тарихий спектакллар, Абай, Бобуршоҳ (Тошкент ш.) ва Темур Малик (Самарқанд) каби 100 дан ортиқ кўплаб мавзулардаги янги спектакллар саҳналаштирилади. 1 та театр янги бино қуриш, 2 та театр биноси реконструкция қилиш, 1 та театр биносини мукаммал таъмирланади. 2019 йилдан 30 та музейнинг “Виртуал музей” базасини яратиш ва Ўзбекистон музейлари ягона порталини яратиш ишлари якунланади. Музейлар томонидан бир йилда пуллик хизматлар қиймати 10 млрд.ни ташкил этаётган бўлса, буни келгуси 2 йилда 1,5 маротабага ошириб, 15 млрд.га етказилади. 2019 йил 5-10 апрель кунлари Сурхондарё вилоятида илк маротаба ўтказиладиган “Халқаро бахшичилик санъати фестивали”ни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, 2019 йилда ўтказиладиган фестиваллар Буюк ипак йўли (Марғилон, июль),“Шарқ тароналари” (Самарқанд, август), “Рақс сеҳри” (Хива, сентябрь), Ҳунармандчилик (Қўқон, сентябрь), халқаро фестиваллари ўтказилиши белгиланган. Миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича 2019-2020 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, унга асосан А.Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида “Опера ва балет санъати” халқаро фестивалини ўтказиш (2 йилда бир марта, дастлаб 2019 йилда), интернет тармоғида республикадаги мавжуд барча музейларнинг ягона порталини ташкил этиш, тарихий, илмий, “Саҳродаги қасрлар”, “Сармишсой қоятош расмлари”, “Хонбанди”, “Зараутсой қоятош расмлари”, “Қадимий Термиз” объектларини ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш чораларини кўриш республикада ҳамда Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид хорижий давлатлардаги номоддий маданий мерос элементларини ёзиб олиш, улар асосида “Ўзбекистон номоддий маданий мероси” тўпламини нашр этиш, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий мусиқа асарлари орасидан маданий қимматга эгаларини саралаб, миллий мусиқий асарлар фонотекасини яратиш режалаштирилган. Ўзбекистон халқининг умуммиллий бойлиги ҳисобланадиган маданий меросимизни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва ундан фойдаланиш борасида мамлакатимизда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий марказлари ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига, “Бойсун маданий муҳити”, “Шашмақом мусиқаси”, “Наврўз”, “Катта ашула”, “Аския”, “Палов маданияти ва анъаналари” номзодлари Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига, Усмон Қуръони, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар тўплами, Хива хонлиги девонхонаси ҳужжатлари Жаҳон хотираси рўйхатига киритилгани юртимиз маданий меросининг дунё миқёсида эътироф этилганига ёрқин мисол бўла олади. Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш, улардан оқилона фойдаланиш ва юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини оширишда уларнинг ўрни ва аҳамиятини ошириш ҳамда моддий маданий мерос соҳасидаги давлат назоратини тубдан такомиллаштириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси ҳамда унинг минтақавий давлат инспекциялари негизида, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида Маданий мерос департаменти ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ташкил этилиши кўзда тутилган. Маданият вазирлиги Матбуот хизмати
|
|