Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое.

Ru   En

Поиск по сайту
Главная
Панорама
Вернисаж Театр Кинопром Музыка Турбизнес Личная жизнь Литература Мир знаний
27.11.2014 / 00:25:54

Аризонада ўзбекча салом


Сўнгги йилларда дунё халқларининг ўзбек маданияти ва ўзбек тилига бўлган қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Бир томондан, Ватанимизда жойлашган тарихий обидалар, меъморчилик дурдоналари кишини ўзига жалб этса, иккинчи томондан, мамлакатимизнинг ўзига хос ривожланиш йўли, юртимизда яшаётган халқларнинг анъаналари, турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, ёшларга қаратилаётган юксак эътибор, таълим тизимидаги ўзгаришлар ва бошқалар чет эл халқларининг диққатини тортмоқда.

Шу билан бирга, ўзбек тилининг жозибадорлиги, ундаги сўзлар маъноларининг серқирралиги, оҳангнинг ранг-баранглиги, маълум бир фикрни турли усулда билдириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги кабилар бошқа халқ вакиллари томонидан давлатимизнинг расмий тилини иштиёқ билан ўрганишга туртки бўляпти дейиш мумкин. Гўзал тилимизни тарғиб қилиш ишига, бетакрор юртимизнинг дунё миқёсида янада танилиб боришига ўз ҳиссасини қўшаётган ватандошларимиз кўп, уларнинг фаолияти ҳар томонлама ўрганилиши ва оммалаштирилиши мақсадга мувофиқдир. Бугунги кунда республикамиз олий таълим муассасаларининг рейтингини аниқлаш долзарб масала бўлиб турган бир пайтда хорижий мамлакатлардаги (айниқса, дунё рейтингида юқори ўринни эгаллаган) университетларда тан олинган ўзбекистонлик профессор-ўқитувчиларнинг борлиги қувонарли ҳолдир. Шундай жонкуяр, замонавий инсонлардан бири Саодат Абдураҳимовна Адиловадир.

Саодат Адилова - Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультети умумий тилшунослик кафедраси доценти, педагогика фанлари номзоди. Саодат опа 1991 йилдан бери мазкур кафедрада фаолият юритиб келади, бир қатор умумкасбий ва мутахассислик фанларидан маърузалар ўқийди, амалий машғулотлар ўтказади, талабаларнинг битирув ишларига раҳбарлик қилади. Ўз вақтида у турли илмий-услубий кенгашлар аъзоси бўлган, танловлар ғолиби деб тан олинган, у қирққа яқин илмий-услубий ишлар (монография, ўқув ва услубий қўлланмалар, мақолалар)нинг муаллифидир.

Шу билан бирга, Саодат Адилова йиллар давомида мустақил равишда инглиз тилини ўрганди, 1999 йилдан бошлаб республикамизда биринчилардан бўлиб ўзбек тилини ахборот технологиялари воситасида ўқитиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб борди, эришган натижаларидан иш фаолияти давомида фойдаланиб келди. Шунинг учун ҳам у ТДПУ га ўзбек тилини ўрганиш масаласида мурожаат қилган хорижий талаба-тадқиқотчиларга юқори савияда замонавий усулда дарс бера олди. Жумладан, Германия, Жанубий Корея, Япония, АҚШ ва бошқа давлатлардан келган талабаларга ўзбек тили ва маданиятидан туркум маърузалар ўқиди, амалий машғулотлар ўтказди.

Бугунги кунда Саодат опа бошқа ишлар билан бир қаторда ўзбек тили ва адабиёти факультетининг талабаларидан ташкил топган “элит” гуруҳида мутахассислик фанидан инглиз тилида дарс ўтяпти.

Мана тўрт йилдирки, С.Адилова Америка Қўшма Штатларидаги Аризона давлат университетида ёз ойларида ўзбек тили ва маданиятидан дарс бериб келмоқда. Унинг ушбу фаолияти Аризона давлат университети раҳбарияти томонидан юқори баҳоланди ҳамда Саодат опага “АДУ педагогик таркибининг фахрий аъзоси” унвони берилди. Шунингдек, Индиана университети CeLCAR нашриёти томонидан чоп этилган “Uzbek. An intermediate texbook” дарслигининг бош қисмида америкалик бошқа мутахассислар қаторида ТДПУ ва Аризона ДУ вакили Саодат Адиловага дарсликнинг юзага келишида кўрсатган ёрдами учун алоҳида миннатдорчилик билдирилган.

Хорижий университетда олиб бораётган фаолияти ҳақида Саодат опа бизга қуйидагиларни маълум қилди:

- Саодат опа, АҚШдаги Аризона давлат университетида олиб борган фаолиятингиз ҳақида маълумот бериб ўтсангиз.

- АҚШ нинг бир неча нуфузли университетларида ўзбек тили ва маданияти академик ўқув йили давомида ҳамда ёзги курсларда ўқитилади. Мен Аризона давлат университети ёзги дастури раҳбарияти томонидан интернет орқали эълон қилинган танловда ғолиб чиқиб, 2011-2014 йилларда шу университетнинг ёзги мактаб талабаларига ўзбек тили ва маданиятидан дарс бериб келдим. Ушбу даргоҳда арман, албан, хорват, поляк, форс-тожик каби тиллар ҳам кўп йиллардан бери ўқитиб келинади. Мен иккинчи ва учинчи босқич талабаларига дарс бераман, Низомий номидаги ТДПУ чет тиллар факультетининг собиқ талабаси Одилбек Каттаев эса биринчи босқичда иш олиб боради. Мазкур курсларда АҚШ нинг исталган штатидаги олий таълим муассасаси вакили (талаба, битирувчи, тадқиқотчи, докторант, ҳатто ўқитувчилар ҳам) ўқиши мумкин. Ўтган 4 йил давомида бизнинг тилимизни ёши, мутахассислиги турли хил бўлган жами 50 дан ортиқ талаба у ёки бу даражада ўрганди.

- Талабаларингиз нима учун, нима мақсадда айнан ўзбек тилини ўрганадилар?

-Талабаларнинг расмий хатларда ёзган маълумотларига кўра кимдир “шахсий қизиқиш, яъни ўзбек тилини ёқтиргани туфайли”, кимдир “халқаро бизнес билан боғлиқ ташкилотга ишга кириш учун Марказий Осиё тилларидан бирини билиши керак бўлгани учун”, бошқаси “Тил таълимига оид компьютер ресурслари” деб номланган лабораториядаги фаолиятига керак бўлгани учун”, яна бирининг илмий-тадқиқот иши айнан юртимиз тарихи ёки маданиятимиз билан боғлиқ бўлгани сабабли ёки “Ўзбекистондаги тарихий обидаларни кўриш орзусида юргани” ва “ўзбек халқининг тилини билиш бошқа туркий халқларнинг тилини ва маданиятини ўрганишга асос (база) бўла олиши туфайли” ва шунга ўхшаш сабабларга кўра ўзбек тилини ўргандилар.

Талабалар танаффусда "Бештош" ўйинини ўйнамоқдалар.

 

Дарс пайтидаги баҳс-мунозара

- Тил ўрганишнинг ёзги курслари қайси дастур асосида олиб борилади? Самарадорликка эришиш учун дарс ва дарсдан ташқари ишлар қандай ташкил этилади?

 -Тил ўрганишнинг ёзги курсларида барча тиллар бўйича дарслар интенсив дастур асосида олиб борилади, яъни икки ой давомида душанбадан жумагача ҳар куни 4 астрономик соатдан машғулотлар ўтказилади. Дарсдан сўнг турли мавзуларда тадбирлар, аниқроғи, давра суҳбатлари, маърузалар уюштирилади. Сўнг ҳар бир ўқитувчи ўзига ажратилган хонада қўшимча индивидуал дарслар ўтказади, бунда исталган талаба ўз ўқитувчисига дарсга тегишли саволлари билан мурожаат қилиши мумкин. Кечқурунлари эса тил тўгараклари фаолият юритади. Август ойида курсларни муваффақиятли тамомлаганлар ўрганган тилларида сўзлашиладиган давлатларга билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, шу юрт маданияти билан яқиндан танишиш ниятида борадилар. Айтиш жоизки, икки ойлик таълим жараёнида бу кўп миллатли жамоада кўтаринки руҳ ҳукм суради, халқлар дўстлиги, миллатлараро толерантлик кабилар намоён бўлади. Талаба, ўқитувчи ва университет ходимлари жадаллик билан кечадиган жараёнда нафақат ўзларининг бевосита бажариши лозим бўлган ишларини амалга оширадилар, балки улар турли халқларнинг тарихи, маданияти, анъаналари, тили билан ҳам танишиб борадилар. Шубҳасиз, бундай жараёнда қатнашишнинг ўзига хос мураккабликлари ҳам мавжуд: интенсив курсларнинг ўқитувчиларидан фидойилик талаб этилади, улардан ва улар ўқитган талабалардан қисқа вақт ичида юқори натижалар кутилади. Ҳар биримиз ўз Ватанимизнинг вакили сифатида она тилимиз ва маданиятимизнинг тарғиботчилари эканлигимиздан ғурурланамиз ва шу билан бирга ҳар дақиқада катта масъулиятни ҳис этиб турамиз. Дарслар энг янги русумдаги техник воситалар билан жиҳозланган синф хоналарида ўтказилади. Бунда АҚШ таълим тизимида самарали деб топилган интегратив методдан фойдаланилади. Машғулотларда аудио, видео материаллар, айниқса, аутентик (ҳақиқий, табиий; тил жамиятида юз бераётган воқеа-ҳодисаларни акс эттирувчи) материаллар қўлланилади, замонавий таълим технологияларига асосланилади, турли таълимий ўйинлар уюштирилади, Ўзбекистон телевидениеси ва радиосининг интернетдаги сайтлари тақдим этган материаллардан фойдаланилади. Талабалар ўзбек тилида тақдимотлар тайёрлайдилар, ижодий ишларни бажарадилар, иншолар ёзадилар, мамлакатимизда чиқадиган газета-журналларни ўқийдилар, ҳатто баъзилари ўзбек тилида турли мавзуда тест саволларини тузиб, дастурга киритадилар. Муайян вақтда Ўзбекистондаги тенгқурлари билан телефон ёки Skype орқали мулоқот қиладилар.

Тўгарак фаолиятидан - ўзбек миллий таомларидан сомса тайёрланмоқда.

 

Ош пишириш жараёни

 

Ўзбек тили байрамиига тайёргарлик кўриш жараёни

- Машғулотлар ўтиш пайтида муаммоли вазиятларга ҳам дуч келдингизми?

- Дарслар вақтида шундай ҳоллар ҳам бўлардики, бир пайтнинг ўзида бир хонада тил қоидаларини ўрганишни ва, айниқса, ўқитувчининг нутқида терминларнинг қўлланилишини хушламайдиган талабалар билан интернет ва бошқа манбалардан кўп маълумот тўплаб олган, яъни грамматизмга берилиб кетган, ҳатто ўзбек тилида шахсий интернет блогини очган талабалар шуғулланар эдилар. Мана шундай пайтларда машқлар вариативлигини таъминлаш, ҳаммага тенг равишда фойдали бўладиган маълумотларни етказиш, жуфтликларда ишлаш жараёнини тегишли тарқатмалар билан таъминлаш оғир масала бўлар эди.

Маданий-маърифий тадбирларга алоҳида тўхталсак, чунки улар ёзги тил дастурларининг салмоқли ва қизиқарли қисми ҳисобланади. Ҳар бир тил гуруҳи ўзи ўрганаётган тилни тарғиб қилиш, ўша тилда гаплашадиган миллатнинг маданиятини намойиш қилишга қаратилган тўгарак машғулотларини олиб борадилар. Бу йилдаги тўгаракларимизнинг мавзулари қуйидагича эди: “Ўзбекистондаги тарихий шаҳарлар”, “Кураш”, “Шеърият кечаси”, “Ўзбек рақс санъати”, “Пазандачилик сирлари”, “Ўзбеккино” тақдим этади”, “Биргаликда куйлаймиз” ва бошқалар. Мавсум давомида ҳар бир тил гуруҳи бир-икки марта очиқ байрам дастурини намойиш қилиши талаб этилади ва бунда албатта миллий таомлар тайёрланиб, барча меҳмонларга тортилади. Аризонадаги дарс машғулотларининг қизиқ томони шундаки, АҚШдаги исталган таълим муассасасида бўлгани каби, бу ерда ҳам мавсумда икки марта талабалар ўз ўқитувчиларига расмий, лекин аноним тарзда баҳо берадилар. Ўта жиддий равишда ташкил этиладиган мазкур жараёнда талабалар сўровномада берилган 20 дан ортиқ кўрсаткич бўйича ўқитувчининг рейтингини аниқлайдилар, тил таълими жараёнини такомиллаштириш бўйича жўяли маслаҳатлар ҳам берадилар, ўқитувчининг методикаси ҳақида ўзларининг ўй-фикрлари билан ўртоқлашадилар. Кўрсаткичлар орасида қуйидагилар ҳам бор: тақдим этилаётган материаллар сифати, қўшимча дарсларнинг самарадорлиги, ўқитувчининг талабаларни дарсга қизиқтира олиш қобилияти, назарий томондан тайёргарлик даражаси, қиёсий типология фактларини билиши, уй ишларини ўз вақтида текшириши ҳамда уларга атрофлича тақриз ёзиши, билимларни баҳолаш тизими талабларига риоя қилиши ва ҳоказо. Бошқа кўрсаткичлар бўйича балларим юқори бўлса ҳам, “Оралиқ, якуний назоратлар ва тест ўтказиш пайтида етарли вақт бериш-бермаслиги” кўрсаткичи бўйича кўпинча пастроқ балл оламан. Талабчанлик ва демократия тушунчалари орасидаги тафовутми бу, тушуна олмайман. Бироқ шуни таъкидлаш лозимки, ўқитувчига баҳо бериш жараёнига ҳамма масъулият билан ёндашади ва истиқболдаги режаларни тузишда бу баҳонинг аҳамияти катта. Менимча, талабалар учун дастурнинг энг қизиқарли қисми Тошкент ва Самарқандда ўтадиган саёҳат ва нутқий амалиёт қисмидир. Чет эллик меҳмонлар билан мулоқот қилишга ўрганиб қолган самарқандликлар ҳам баъзи “аълочи” талабаларимизнинг ўзбекча нутқини эшитиб, қулоқларига ишонмайдилар, ҳайратда қоладилар. Ахир шундай талабаларимиз ҳам борки, улар айрим русийзабон ватандошларимиздан, ҳатто ўз она тили, нутқ маданиятига беэътибор бўлган ўзбеклардан ҳам гўзалроқ, тозароқ, таъсирчанроқ гапирадилар, ёза оладилар!

Ўзбек маданиятига оид тақдимот чоғида

 2013 йил. АҚШнинг Ўзбекистондаги мухтор элчиси Жорж Кролл ўзбек тилини ўрганувчи талабалар ҳузурида.

Ўзбекистонга қайтгач, ўзбек тилини хорижликларга ўргатиш борасидаги тажрибангизни, олиб борган  фаолиятингизни оммалаштирдингизми?

Ёз ойларидаги қизғин фаолиятимни якунлагач, ўзимнинг Низомий номидаги ТДПУ га қайтаман. Ўтган йилларда мен ТДПУ да АҚШ даги иккинчи тилни ўқитиш методикаси, тил таълимида ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиш йўллари, ўзбек тилини интегратив метод асосида ўқитиш масалаларига бағишланган давра суҳбатлари, семинар-тренинглар ўтказдим, маърузалар ўқидим, “Педагогик таълим” журналида мақола эълон қилдим. Давра суҳбатларида америкалик талабалар томонидан тайёрланган тақдимотлар, видеолавҳалар, ўзбек тили байрамларида улар ижро этган қўшиқ ва рақслар, саҳна кўринишлари намойиш этилди, ёзган иншолари, уй ишлари ўқиб эшиттирилди.

 

Аризоналик талабалар билан Тошкент марказида 

- Ўзбек тилини хорижликларга ўргатишдаги натижаларингизни кўриб завқлансангиз керак...

- Албатта. Қувонарлиси шуки, бу каби ишлар юртимиздаги кўпгина таълим муассасаларида амалга оширилмоқда, Ўзбекистон тобора дунёга юз тутмоқда. Зеро, атлас кўйлак кийиб, ошга сабзи тўғраётган ёки яктак ва тўн кийиб “анжанчасига” рақс тушаётган чет эллик йигит-қизларни кўрганингда, уларнинг сенинг она тилингда Самарқанду Бухоронинг, Тошкенту Навоийнинг тарихи тўғрисида гапираётганини, Ўзбекистон байроғидаги рангларнинг рамзий маъносини тушунтираётганини, шоирларимизнинг шеърларини ўқиётганини эшитганингда, интернет тармоғи орқали бутун ер юзидаги одамларга қарата “Мен ўзбек тилини, ўзбекларни севаман!” деган хитобини эшитганингда, Ватанинг учун яна ва яна ғурурланар экансан! Шунда машаққатли меҳнатингнинг натижасини кўрасан-да, касби корингга тасаннолар айтасан, бўлиб ўтган барча қийинчиликларни унутасан, роҳатланасан.

- Ўзбек тилини тарғиб этиш борасидаги хайрли ишларингизга ривож тилаймиз. Умид билдирамизки, дунё бўйича ўзбек тилини ўрганишни хоҳловчилар сони йилдан - йилга янада ортиб боради.

http://utube.uz/video/4fd812accf41617/Brian-Greco-Uzbek-Video

http://utube.uz/video/22cbac08ad8d11a/Ingliz-fuqarosi--Nikolning-ozbek-tilida-suhbati

 

Нигора УМАРОВА суҳбатлашди.





Другие материалы рубрики

27.11.2014 / 00:18:03

Начался прием заявок на VI национальный медиа фестиваль социальной медиа продукции

Национальная Ассоциация Электронных Масс Медиа Узбекистана объявляет о начале приема заявок на VIнациональный медиа фестиваль социальной медиа продукции в рамках Государственной программы "Год здорового ребенка". Далее...

26.11.2014 / 17:07:00

Международный форум "Социальное партнерство во имя ребенка: передовой отечественный и зарубежный опыт".

В столице Узбекистана в отеле "International Hotel Tashkent" 25 ноября начал работу XI Международный форум "Социальное партнерство во имя ребенка: передовой отечественный и зарубежный опыт". Далее...

26.11.2014 / 16:51:13

Отдел совершенствования нормативной базы Центра UZINFOCOM — впервые открыт для ознакомления

Специалисты Центра UZINFOCOM принимают непосредственное участие в разработке нормативно-правовой базы в сфере информационно-коммуникационных технологий. Далее...

26.11.2014 / 16:36:56

"Дни культуры и искусства" в Вестминстерском университете. Становится все более интересно

Как мы уже сообщали, для более активного вовлечения студентов в социально значимые проекты, расширения их знаний в области культуры , установления разносторонних партнерских отношений между вузами и различными организациями, Международный Вестминстерский университет (МВУТ) проводит "Дни культуры и искусства". Далее...

26.11.2014 / 12:52:42

Ресторан Golden River — новый партнер Beeline Club

Крупнейший оператор связи Beeline сообщает о присоединении ресторана Golden River к партнерской сети Beeline Club. Карты привилегий Gold и Platinum гарантируют посетителям скидку в 15%. Далее...





18.04.2024 / 15:39:18
Гёте-Институт в Узбекистане в сотрудничестве с берлинским ннститутом международных отношений представили в Ташкенте фотовыставку известного немецкого фотомастера - "Хельга Парис. Фотография".
 
16.04.2024 / 18:09:26
В Ташкенте открылся Международный фестиваль изобразительного и прикладного искусства, посвящённый году "Поддержки молодёжи и бизнеса"
 


17.04.2024 / 14:29:09
Театр-студия имени Марка Вайля "Ильхом" представляет репертуар недели
 
17.04.2024 / 10:23:49
В столице республики с большим успехом продолжается Международный фестиваль оперы и балета "Тошкент бахори". Его программу украсила новая версия оперы великого итальянского композитора Джакомо Пуччини "Богема"
 


10.04.2024 / 12:00:56
Предстоящий в Узбекистане международный фольклорный фестиваль "Весна Байсуна" в фокусе внимания СМИ Казахстана
 
09.04.2024 / 17:18:38
Accor откроет новый отель рядом с международным аэропортом Ташкента
 


18.04.2024 / 13:33:40
Поедете учиться в российский город будущего? Он есть в числе других участников выставки "Образование и профессия"
 
12.04.2024 / 14:02:19
20 апреля в 13:00 в Русском доме в Ташкенте пройдёт просветительская акция "Тотальный диктант" - праздник грамотности для тех, кто хочет, умеет и любит писать по-русски грамотно
 

 





Главная Панорама Вернисаж Театр Кинопром Музыка Турбизнес Личная жизнь Литература Мир знаний

© 2011 — 2024 Kultura.uz.
Cвидетельство УзАПИ №0632 от 22 июня 2010 г.
Поддержка сайта: Ташкентский Дом фотографии Академии художеств Узбекистана и компания «Кинопром»
Почта: Letter@kultura.uz
   

О нас   Обратная связь   Каталог ресурсов

Реклама на сайте