Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
10.12.2016 / 21:57:13
"Ҳайрат" исмли самимият билан ёзилган китобЎзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Дилбар Маҳмудованинг “Ҳалима” исмли китоби “Ўзбекистон” нашриётида босмадан чиқибди. Дилбар опа “юрагида йўлбарс ётган шоира” Ҳалима опа Худойбердиева билан 1977 йилда танишган бўлса, йиллар ушбу танишликни дўстлик риштаси билан боғлади. Улар қиёматлик опа-сингиллар. Устоз журналист шоиранинг ўзига хос жиҳатлари: ижодкор инжиқлигини-ю, юксак одамийлик жиҳатларини ўзлари кўрган-билган, гувоҳи бўлган воқеалар асосида баён этганлар. Китобни ўқир экансиз, Дилбар Маҳмудова ёндафтарига ёзган битиклари асосида уйғонган хотираларнинг гувоҳи бўласиз. Ижодкорлик ёзуғми ёки қисмат? Ушбу ёзуғ ҳар қимнинг ҳам пешонасига битилмайдиган ўзига хос қисмат. Дарҳақиқат, ўзбек адабиётида Зебунисобегим, Жаҳон отин Увайсий, Нодирабегим қандай юксак ўрин эгаллаган бўлса, унда Ҳалима Худойбердиеванинг ҳам ўзига хос юксак ўрни бор. Унинг шеърлари шунчаки ёзилган шеърлар эмас, кучли изтироб, дард билан ёзилган ашъордир. Улар огоҳликка чақирувчи, “ҳой, кўзингни оч, қаерга қараб кетаяпсан ўзи?” деган она арслоннинг нидосидир. Эътибор беринг-а: Олдинга ўтмаяптими бир бирини суриб- Ё шеригин чалиб ўзи тикламаяптими қад?.. ...Ҳурмат кетмаяптимикан хушомадга айланиб? ...Эзгуликнинг ниқобини амаллаб олгач кийиб- ...Йўқмикан шу ниқоб ичра кибр сақлаб юрганлар? Ўйга толаман: мен шеърларини севиб ўқийдиган Ҳалима Худойбердиева қандай-ку, шахс сифатида у қандай аёл. Баъзан ижодкорнинг қилган амаллари ижодида акс этган ғояларга мувофиқ келмайди. Бироқ... бироқ Ҳалима опада сўз бир-амал бир. Чўрткесарлик, бажараман дедими, ўша ишни бажаришдаги қатъият мавжуд. Бирор бир инсонни ишонтирдими, ўша ишончни оқлайдилар. Шоиранинг ўткир тафаккури, жасорати ва мураккаб руҳий-маънавий ёлқинлари шеъларида оловдек гуриллаб ўқувчисининг қалбини ёндиради-куйдиради. Бу шеърлар замонавий шоиралар ёзадиган “сенсиз ўлиб қоламан”, “ўлдим-куйдим”лардан ҳоли. Уларда хушрўй иборалар йўқ. Шеърлар “Инжу” тарзида тизилганки, аёл кишининг ҳаёт пўртаналари олдида эсанкираб қолмасликка, қулоч отиб сузишга ўргатади.
Ҳалима Худойбердиева ёзганидек, Ўйладим улуғ иш учун келганман, Тоғлардек тик туриш учун келганман. Чуқурроқ ўйласам кир-чир дунёни, Супуриб-сидириш учун келганман. Шоира қаерда фаолият олиб бормасин, “Саодат” журналими ёки Республика хотин-қизлар қўмитасидами барча жойда маънавиятга қўнган хас-хазонларни “супуриб-сидиришга” ҳаракат қилди, ёрдамга муҳтож аёлларга нажот қўлини чўзди. Буни “Ҳалима”даги “Тақдир” ҳикоясида баён этилган Фарғона туманидаги Миндон қишлоғилик Кумушхон ая яқинларининг эътиборисиз қолиб кетганида қишлоқ аҳлини кекса аёлга нисбатан диққат-эътиборга ундаганлиги хусусидаги воқеадан ҳам кўриш мумкин. 2012 йил 7 июнь. Худо ўзбекнинг Ҳалимасини бир қайтариб берди. Шоира бир ўлимдан қолди. Соғлиғидаги оғир аҳволга қарамай шеърият, адабиёт ихлосмандлари билан ижодий учрашувга борган шоиранинг қон боими ошиб кома ҳолатига тушиб қолди. Хайрият, яқин инсонларининг Яратганга қилган илтижоси, унга нисбатан руҳий далдаси Ҳалима Худойбердиевани ҳаётга қайтарди. Хуллас, биз билган ва билмаган гаплар китобда баён этилган. Китоб хусусидаги фикрни Дилбар Маҳмудованинг унда Ҳалима Худойбердиева бетоблик чоғида унга аталган сўзлари билан якунламоқчиман: “Биринчи шифокор беморнинг ўзи, ўзига-ўзи шифокор. Ўзингга ўзинг халоскорсан”, деган Будда. Ўзингизни ўзингиздан ортиқ ҳеч ким эҳтиёт қила олмайди. Сизнинг адабиётимиз, маънавиятимиздаги ўрнингизни ҳеч ким боса олмайди. Сиз бизга кераксиз, жуда кераксиз...” Нигора Умарова
|
|