Ўзбекистон миллий мусиқа меъросини кенг тарғиб этишга йўналтирилган яна бир ижодий сафар ўз ниҳоясига етди. МАНЗУР ансамбли шу йилнинг 14 мартидан, 2 апрелига қадар Эстония, Финландия ва Латвия давлатларида ижодий сафарда бўлиб қайтишди. Ансамбль Болтиқ мамлакатларининг Вильянди, Паиде, Сауе, Курасара, Нарва, Хьюма, Алатскиви, Вору, Таллин, Хэлсинки ва Рига шаҳарларида концертлар, маҳорат дарслари ва ижодий учрашувлар ўтказиш билан бирга, Финландия, Латвия ва Эстонияда нишонланган Наврўз тантаналарида махсус ижодий даструлар билан иштирок этишди.
Сафарнинг энг юқори нуқтаси эса, Эстониянинг Хьюма оролида ҳамда, Пепси кўли яқинида жойлашган Алатскиви қасрида бўлиб ўтди. Кечада МАНЗУР ансамбли томонидан ижро этилган Шашмақом, Бухоро ҳудудига хос, шунингдек халқ ва бастакорлик асарлари, яна бир ҳам юртимиз, моҳир ошпаз Баҳриддин Чустий томонидан тайёрланган миллий таомлар билан ҳамохангликда меҳмонларни лол қолдирди.
Ушбу концерт сафари «Pro Logistic Services» компанияси ҳомийлигида ташкил этилиб, Эстониянинг MUUILMAMUUSIKA ташкилоти ҳамда Ўзбекистоннинг «OXUS Culture» ташкилоти ҳамкорлигидаги учинчи концерт лойиҳаси ҳисобланади.
Ушбу ҳамкорлик 2015 йилда бошланган бўлиб, 2016 йил февраль ойида ташкил этилган OXUS ансамблининг Болтиқ мамлакатларидаги “Назм ва наво” ҳамда, 2016 йилнинг декабрь ойида ташкил этилган қорақалпоқ халқ ижодиёти ёш ижрочилари бахши Гулистан Темирханова ҳамда жиров Саламат Аяповларнинг ижодий сафарлари шулар жумласидандир.
Нодир Тошев - МАНЗУР Ансамбли аъзоси: Сафаримизнинг асосий қисми Эстониянинг турили шаҳарларида бўлиб ўтди. Тўғрисини айтсам, бу халқ вакиллари бизнинг ижромизни (мен кутгандан ҳам) яхши қабул қилди. Ҳар бир тингловчининг кўзларини юмиб олиб тинглаши, ижродан кейинги олқишлар, суҳбат жараёнидаги қизиқиш, саволлар – ижроларимиз муҳлиқларга маъқул бўлганлигидан исбот бўлиб турди. Таллин шаҳри яқинида жойлашган мактаб ўқувчилари учун ташкил этилган концерт эса энг эсда қоларлиларидан бири бўлди. Хатто 3-4-синф болаларининг ўзга халқ мусиқа маданиятига бўлган чуқур эътибори ва ижобий муносабати, рости, бизни хайртда қолдирди. Концертдан кейин эса, болалар кутилмаган ва лекин жуда маъноли саволлари билан бизни шошириб ҳам қўйишди. Масалан, “Доиранинг шиққилдоқлари нима учун?”, “Уд ва рубоб нега қошсимон?”, “Қонуннинг нечта тори бор?”, “Рубоб косахонаси нима билан қопланган, ниманинг териси?” ва бошқалар. Суҳбатни фақатгина кейинги дарс бошланганлиги учун тўхтатишга тўғри келди. Албатта концерт дастурининг қисқа бўлганлиги ва яна бир қанча саволлар жавобсиз қолдирилганлиги болаларга маъқул бўлмади. Мусиқий таълим муассасаларига қилган ташрифларимизда эстон халқ мусиқалари билан танишиб, улар билн биргаликда мусиқа ижро этиш имкониятига ҳам эга бўлдик.
Концертга ташриф буюрган томошабинларнинг миллий мусиқамиз намуналарини тинглашларини кузатар эканмиз, уларнинг ўзга халқ мусиқаси оҳангларига мос оҳиста тебранишлари, кўзларини юмган ҳолда, баъзи тингловчиларнинг ижро жараёнидаги доира ва қонун қўл ҳаракатларига ҳамоҳанг оҳиста ҳаракатлари, шўх асарларда эса усулга мос қарсаклар билан қўллаб қувватлашлари гўёки биз тингловчилар билан битта халқ вакилларимиз, яқин қариндошлармиз, улар бир умр худди биз ижро қилаётган асарларни тинглаб катта бўлишгандек, худди бир-биримизни азалдан танигандек туюлди.
MUUILMAMUUSIKA ҳамда «OXUS Culture» ташкилотлари ушбу сафарни ташкиллаштиришда кўрсатилган ҳамкорлик учун Латвиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси,
«Марта» меҳмонхонаси, Вору (Эстония) ҳокимлиги, Eesti Kultuurkapital ташкилоти, “Klassika Radio” радиостанциясига ва яна бир қанча ташкилотларга ўз миннатдорчилигини билдиради.
ХУСНИДДИН АТО