Ҳукуматимиз томонидан ёшларга берилаётган эътиборнинг юксак намунаси сифатида ҳар икки йилда бир марта “Ўзбектеатр” ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан ўтказиладиган “Дебют” фестивалини мисол келтириш мумкин. Бу фестивал ёш ижодкорларга жуда катта ижодий орзулар бериши билан ҳам муҳимдир.
“Соғлом бола” йили якунланиб бораётган кунлар. 14-20 декабр кунлари Тошкентнинг бир неча театрларида ёш ижодкорларнинг “Дебют-2014” 5-республика фестивали бўлиб ўтди. Фестивалда Сирдарё вилояти театри жамоаси Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевнинг “Жонгинам, шартингни айт” мусиқали комедияси билан иштирок этди. Жиззах, Хоразм, Фарғона вилояти театрлари ва ўзининг 100 йиллигини қарши олган Ўзбек Милллий академик театри, Ўзбек Давлат драма театри, Республика Ёш томошабинлари театри ва Республика ёшлари театри турли мазмун, турли жанрдаги спектакллари билан қатнашган ушбу юксак саъвияда ташкил этилган фестивалда Сайфиддин Мелиев режиссёрлигида мирзачўллик санъаткорларнинг ижоди энг юксак ўринга муносиб деб топилди. Ушбу муносиб ғалаба билан театр жамоасини қанча олқишласак оз. Ҳакамлар ҳайъати томонидан спектакл учун танланган ғоя, долзарб мавзу, режиссёр маҳорати (С. Мелиев), актёрлик ижролари, драматургия, сценография мезонлари асосида қўлга киритилган ушбу ютуқни жамоавий ютуқ дейилса, асло муболаға бўлмайди. Спектаклнинг яна бир ютуғи, унинг томошавийлиги юқорилиги, томошабинбоплигидир. Бу ўринда Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг шеърларига басталанган қўшиқларнинг жонли ижро этилганлиги алоҳида этироф этиш лозим.
Мана шу мен туғилган гўша,
Уйга етдим, ариқ хатладим.
Шу ерлик бир қизга ёқай деб,
Узун-узун шеърлар ёдладим.
Шу каби ўнлаб шеърлардан олинган ҳаётий сатрларнинг хиргойиси спектаклнинг романтик кучини янада оширади.
Пойтахтлик театршунос мутахассислар Сирдарё театри ўзининг беқиёс анъаналарига эга театрлиги ва шунга муносиб бўлиб келаётгани, “устоз-шогирд анъанаси” узвийлик, изчиллик билан давом этиб келаётгани алоҳида қайд этилди.
Ўтган йилги фестиваллардан фарқли равишда, жорий йилги фестивалда, дебютант режиссёрлар билан бирга ёш драматурглар, ёш рассомлар, ёш актёрлар ҳам ўз ижодий ишлари билан иштирок этиш бахтига мушарраф бўлди. Республиканинг турли воҳаларидан ташриф буюрган ўн нафар бахтли драматурглар ичида Сирдарё театри адабий бўлим мудири, истеъдоли драматург, шоир Ўзбектош Қиличев ўзининг “А” саройи сирлари” эртаги билан қатнашди ва рағбатлантирувчи мукофотга лойиқ топилди. Мазкур эртак болажонларни, жажжи театр томошабинларини ҳарфлар, рақамларнинг сеҳрли оламига олиб кириши ва уларда муҳим ҳаётий тушунчалар шаклланишида муҳим асар ҳисобланади. Ҳамидулла Болтабоев, Тешабой Баяндиев, Шуҳрат Ризаев, Маъмур Умиров, Ҳайитмат Расул, Валижон Умаров, Ёқуб Аҳмедов каби улуғ устозлардан иборат ҳайъат аъзоларининг назарига тушган ушбу эртак республика театрларида саҳналаштиришга тавсия этилди.
Ўзбектош Қиличев