Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
19.06.2015 / 10:27:27
Фильмларнинг ноқонуний савдоси ва намойиши билан шуғулланаётган шахслар ва сайтларга нисбатан чоралар кўрилмоқдаДавлат бюджети маблағлари ҳисобидан суратга олинган, шунингдек, хусусий киностудиялар томонидан ишлаб чиқарилган фильмларнинг ноқонуний савдоси ва намойишини олдини олиш бўйича тегишли идоралар томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ишчи гуруҳи билан ҳамкорликда гавжум жойлар, бозорлар, савдо комплекслари ва шохобчаларда «Сотқин» бадиий фильмининг ноқонуний савдоси бўйича мониторинг ўтказиб, 33та қонун бузилиши ҳолатини аниқлади. Бундан ташқари, миллий UZ зонасида фаолият олиб бораётган бир қатор нодавлат сайтларда, халқаро домен зоналаридаги ресурсларда «Сотқин» фильмининг ноқонуний намойиши ташкил этилаётгани маълум бўлди. Шу билан бирга, Бухоро вилояти Ғиждувон туманида фаолият юритаётган «G‘ijduvon oynai jaxoni» МЧЖ муассислигидаги «Ғиждувон-ТВ» телеканали томонидан 2015 йил 12 апрель куни соат 20:46дан 23:18гача «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ҳуқуқ эгаси бўлган, давлат бюджети маблағларига яратилган «Сотқин» бадиий фильми ҳуқуқ эгаларининг рухсатисиз эфирга узатилган. Бу каби ҳолатлар нафақат давлат фильмлари, балки нодавлат киностудиялар томонидан суратга олинган фильмлар билан ҳам учраб турибди. Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги маълумотига кўра, мазкур ҳолат Ўзбекистон Республикаси «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонунининг 62-моддасига асосан (ҳуқуқ эгаси билан шартнома тузмасдан асарлардан фойдаланиш) муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши ҳисобланади ва Қонуннинг 65-моддасига асосан ҳуқуқ эгаси ҳуқуқбузардан, жумладан, ҳуқуқ бузилиши натижасида бой берилган фойдани қоплашни талаб қилишга ҳақли. Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига қонуний чоралар кўрилиши учун тегишли маълумотномалар тақдим этилди. Ўз навбатида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги давлат бюджети маблағларига, шунингдек, нодавлат киностудиялар томонидан суратга олинган фильмларнинг ноқонуний савдоси ва намойиши билан шуғулланаётган шахслар ҳамда интернет ресурсларига яна бир бор мурожаат қилиб, уларни белгиланган қонун талаблари доирасида фаолият олиб боришга чақиради, шунингдек, қонунбузарларга нисбатан аниқ таъсирчан чоралар кўрилишини маълум қилади.
|
|