Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
21.07.2016 / 23:56:31
"PROlogue" – ёш киноижодкорлар II Республика фестивалиМиллий ифтихор туйғуларига йўғрилган, Ватан, она табиат, гўзаллик, инсонийлик, бағрикенглик, бунёдкорлик, севги, меҳр ва муҳаббат каби мавзуларда қисқа метражли фильмлар яратиш, бу йўналишда ижод қилаётган ёш истеъдодларни излаб топиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва кенг жамоатчиликка танитиш, ёш ижодкорларнинг профессионал малакасини ошириш, катта экранларда ўз ижодини намойиш этишига йўл очиб бериш, уларнинг энг яхшиларини саралаб олиб, нуфузли халқаро кинофестивалларга тавсия этиш ҳамда кўп йиллар давомида қўлга киритилган ижодий ютуқ ва анъаналарни давом эттириш каби муҳим вазифаларни амалга ошириш мазкур фестивалнинг асосий мақсад ва вазифаси ҳисобланади. ”Ўзбекистон Республикасида 2016 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури” ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамкорликда “PROlogue” – ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган қисқа метражли фильмлар II Республика фестивали бошланганлигини эълон қилади. Фестиваль бу йил иккинчи маротаба ташкиллаштирилмоқда. Фестивалда 35 ёшгача бўлган профессионал ва ҳаваскор киноижодкорлар – Ўзбекистон Республикаси резидентлари қисқа метражли бадиий ва бадиий шаклдаги ҳужжатли фильмлари билан иштирок этишлари мумкин. Унда қатнашиш бепул. Фестивал талабига мувофиқ, фестивалга тақдим этилган қисқа метражли бадиий фильмнинг умумий вақти 30 дақиқадан ошмаслиги керак. Шу билан бирга, фильм сўнгги 2 йил мобайнида суратга олинган ҳамда мазкур фестивалда аввал иштирок этмаган бўлиши лозим. Фестивалда иштирок этиш учун қуйидаги ҳужжатлар “Ўзбеккино” Миллий агентлигига топширилади: ариза ; асар(лар) DVD ёки AVI форматда топширилади; саралашдан сўнг: паспорт нусхаси (яшаш манзили билан), асар муаллифи ҳақида маълумотнома (2-илова)га асосан, икки дона фотосурат, муаллиф лозим топган реклама материаллари ва бошқа маълумотлар; юридик шахслар учун: корхона гувоҳномаси. Тақдим этилган асарларнинг янгилиги, ғоянинг ижтимоий муҳимлиги, ижодий ёндашувнинг оригиналлиги, бадиий таъсирчанлиги, визуал қатлам ва қаҳрамонлар концепциясининг ўзига хослиги, режиссёр ва оператор маҳорати, актёрларнинг ижроси, шунингдек, Давлат тилида бўлиши ёки Давлат тили субтитрларда берилиши Фестивалда қатнашиш ҳуқуқини таъминлаш мезони ҳисобланади. Фестивалда иштирок этиш учун аризалар 1 октябрга қадар тақдим этилиши шарт. Аризалар ўрганилиб, 20 октябргача сараланади ҳамда ушбу кўрик дастурига киритилган қисқа метражли фильмлар 16-20 ноябрь кунлари намойиш қилинади. Ғолиблар аниқлангач, 21 ноябрда уларни тантанали тақдирлаш маросими ўтказилади. Улар махсус совринлар ва дипломлар билан тақдирланади.
Асосий совринлар қуйидагилар: “Энг яхши қисқа метражли бадиий фильм” учун бош соврин; “Энг яхши сценарий”; “Энг яхши режиссёрлик иши”; “Энг яхши операторлик иши”.
Фестиваль доирасидаги намойишларга кириш бепулдир.
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги матбуот хизмати
|
|