Сентябрь ойи бошида Ўзбекистон Маданият вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги билан ҳамкорликда барча мактабгача таълим муассасаларига «Болалар учун мақом» дисклари тарқатилади. Дискдаги мумтоз куй ва ашулалар болаларнинг ёш хусусиятларига кўра танланиб, болалар боғчасининг уч ёш гуруҳларига кўра сараланган, деб хабар берди Маданият вазирлигида бўлиб ўтган Матбуот анжуманида «Мақом» маркази раҳбари Сойибжон Бегматов.
«Мақом санъатини қабул қилишни таррбиялашни болаликдан бошлаш керак. У шакл ва ижро жиҳатдан мураккаб мусиқа асари ҳисобланади. Шуларни инобатга олган ҳолда Классик мусиқа юзасидан болажонларга тарбия бериш жиҳатларини Корея, Европа тажрибасини ўрганган ҳолда болалар боғчаларига ҳам бу йилдан татбиқ қилишни бошлаймиз. Бундан ташқари ҳар бир мусиқа мактабларимиз учун мўлжалланган «Мақом алифбоси» дарслиги нашрга тайёрланмоқда. 2 сентябрдан бошлаб мусиқа мактаби ўқувчилари бу дарсликдан фойдаланишади. Буларнинг барчаси Мақом марказимиз мутахассислари томонидан тайёрланди», - деди Сойибжон Бегматов.
Нигора УМАРОВА