Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
10.10.2019 / 21:46:46
ЎЗБЕК МИЛЛИЙ РАҚС САНЪАТИНИНГ ОЛИМАСИПедагог-олима, таниқли балетмейстер Мухамедова Ўғилой Низомовна ўзбек миллий рақс санъатини ёшларга ўргатиб келаётган жонкуяр устозлардан бири бўлиб, у 1951 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1964-1968 йилларда хореография билим юртини, 1977- 1982 йилларда А.Қодирий номли Тошкент Давлат маданият институтининг “Методист ташкилотчи” бўлимини тугатди. 1968 йилдан 1988 йилгача “Баҳор” ансамблида ижодий фаолият юритди. Ишлаб юрган кезларида 60 дан ортиқ мамлакатларда ижодий сафарларда бўлган. М.Турғунбоева саҳналаштирган бир қанча оммавий рақслардаги мураккаб яккахон рақсларни маромига етказиб ижро этган. Ўғилой Мухамедова нафақат миллий рақсларни, балки қардош ҳалқлар рақсларини ҳам моҳирона ижро этган. Жумладан: қозоқча, қирғизча, татарча, туркманча, уйғурча, афғонча, ҳиндча, покистонча. М.Турғунбоева ўзи айнан Ўғилой учун ҳам кўпгина рақслар саҳналаштирган. Ў.Мухамедова ўзбек миллий рақс санъати устоз санъаткорларидан Қундуз Миркаримова, Юлдуз Исматова, Розия Каримова, Вилоят Оқиловалар билан ҳам ижодий ҳамкорлик қилган. Рақс санъати ривожи йўлидаги тинимсиз, машаққатли меҳнати юқори баҳоланиб, у 1979 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони билан тақдирланди. “Баҳор” ансамблида 20 йиллик иш фаолиятидан сўнг нафақага чиқди, аммо меҳнат фаолиятини тугатгани йўқ. Республикамиз миқёсида ўтказиладиган Мустақиллик байрами тадбирларида, Наврўз умумҳалқ байрамларида, “Шарқ тароналари” Халқаро мусикий фестивалларида ва бошқа кўплаб давлат тадбирлари ва байрам тантаналарида саҳналаштирувчи балетмейстер, М.Турғунбоева хотирасига бағишлаб ўтказиладиган “Ёш хаваскор рақс ижрочилар” ва бошқа кўрик-танловларда ҳайъат аъзоси ва ҳайъат раиси, Ўзбекистон телерадиокомпанияси қошида ташкил этилган “Ўзбегим ўғлонлари”, “Қизлар давраси” кўрсатувларида, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Олий ҳарбий божхона институти қошида ташкил этилган “Ўзбегим ёшлари” ансамблида бош балетмейстер сифатида фаолият юритиб келади.
1997 йилдан Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабида бакалавр йўналиши ва магистратура мутахассисликлари йўналиши бўйича махсус фанлардан дарс бериб келмоқда. Педагог сифатида бир неча етук шогирдлар чиқарди. Унинг шогирдлари республикамизнинг барча вилоятларида профессионал ва касбий маҳорат сирларини бўлажак мутахассисларга сингдириш, уларнинг миллий истиқлол ғояларига содиқ ватанпарвар бўлиб тарбияланишига, аждодларимиз миллий–маданий меросини ва умумбашарий ҳамда миллий қадриятларимизни чуқур хурмат қилиш ҳис-туйғуларини шакллантиришда тинимсиз самарали меҳнат қилиб, рақс санъати равнақи учун муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. 2003 йилда Урумчи шаҳридаги Шинжон санъат институти, Уйғур рақс санъати бўлимида тажриба алмашиб, ўзбек рақсини тарғиб қилиб: Фарғона, Бухоро, Хоразм рақс мактаблари назарияси ва услубиётини ўргатиб қайтди. Уйғур ҳалқ рақс санъати ҳақидаги фикрлар ва маълумотларни тўплаб 2009 йили “Уйғур ҳалқ рақси” ва 2011 йилда “Миллий рақсларни ўргатиш услубиёти” ўқув қўлланмаларини яратди. Ўқув қўлланманинг долзарблиги шундаки, “Ўзбек рақси” фанидаги асосий муаммо, яъни уйғур рақси мактаби қўл ва оёқ ҳолатларини тўғри йўлга қўйиш ва системалаштиришдан иборат эди. Ҳозирги кунда барча хореография йўналишида таълим олаётган ўқувчи талабалар ушбу ўқув қўлланмадан фойдаланиб келишмоқда. Олий мактаб миқёсида ўтказиладиган профессор-ўқитувчиларнинг илмий-амалий конференцияларида фаол иштирок этади, шунингдек, талабаларнинг илмий-амалий конференцияларида талабаларга раҳбарлик қилади. Малака ошириш курси тингловчиларига ўзбек рақсидан машғулотлар ўтказади. Шу қаторда ўзи ҳам доимий равишда ўз малакасини ошириб боради. Олий мактаб ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этади. Олий мактаб раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ва талаба ёшларининг ҳурматига сазовор. Ў.Мухамедова педагогик фаолияти давомида ўқитувчи, катта ўқитувчи, кафедра мудири, доцент, профессор лавозимларида ишлади. Тўғрисўз, ўзи ва атрофдагиларга нисбатан талабчан, миллий истиқлол ғояларини чуқур ҳис қилган ва уни ёш авлод қалбига сингдира оладиган теран фикрли, профессионал рақс ижрочилиги сирларини мукаммал эгаллаган педагог Ў.Мухамедова 2012 йилда доцент ва 2019 йилда профессор илмий унвонига, шунингдек, шу йилда Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан фахрли “Дўстлик” орденига совриндор бўлди.
Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби “санъат назарияси ва тарихи” кафедраси ўқитувчиси Мухамедова Мадина
|
|