Бишкек вақти билан 10:00да Бишкек шаҳрида жойлашган "Манас" кинотеатрида ўзбекистонлик ёш киноижодкорларнинг "PROlogue" фестивалида ғолиб деб топилган қисқа метражли фильмлари намойиш этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Қирғизистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Комилжон Рашидов, Қирғизистоннинг Ёшлар, жисмоний тарбия ва спорт масалалари бўйича давлат агентлиги директори Канат Аманкулов, Ёш киноижодкорлар кенгаши раиси, Ўзбекистон делегацияси раҳбари Ойбек Абдушукуров, ўзбекистонлик ёш киноижодкорлар делегацияси аъзолари, шунингдек, маданият ходимлари, ёш киношунослар, кино режиссура ва коммуникация йўналишида таҳсил олувчи талабалар иштирок этишди.
Намойиш аввалида сўзга чиққанлар яқинда Қирғизистон Республикаси Президентининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида имзоланган ҳужжатларнинг ўзбек-қирғиз муносабатларини ривожлантиришда асосий омил бўлиб хизмат қилаётгани, ҳар икки мамлакат орасидаги ўзаро қўшничилик, қардошлик, дўстлик алоқаларининг тобора мустаҳкамланиб бораётгани ҳақида айтиб ўтишди.
Ўзбек ёшлари томонидан суратга олинган фильмлар қирғизистонлик ижодкор ва томошабинлар томонидан илиқ кутиб олиниб, мамлакатда бўлиб ўтадиган фестивалларда ўзбек ёшларининг иштирок этиши таклифи билдирилди.
Ташриф давом этмоқда.