Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
30.10.2018 / 10:51:26
Мутахассислиги бўйича энг яхши педагогБугунги кунда юртимизда таълим соҳасининг мазмун-моҳиятини тубдан яхшилаш ҳамда рақобатбардош мутахассис кадрлар тайёрлаш масаласига янада жиддий эътибор берилмоқда. Бу борада янгидан-янги ислоҳотларнинг кўлами кенгайиб бормоқда. Жумладан, олий таълим тизимида замонавий рақобатбардош кадрлар тайёрлашда муҳим шахс бўлган профессор-ўқитувчиларни рағбатлантириш масаласи энг асосий йўналишлардан биридир. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан “Мутахассислиги бўйича энг яхши педагог”, “Энг яхши педагог-тадқиқотчи”, “Инновация ва ахборот технологияларини қўллайдиган энг яхши педагог” номинациялари бўйича олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ўртасида Республика танлови ўтказилди. Бу танловда республикамиздаги барча олий таълим муассасаларидан 341 нафар профессор-ўқитувчилар иштирок этди. Ўтказилган танловда Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби “Хореография” кафедраси ёш ўқитувчиси Зебо Фазлиева “Мутахассислиги бўйича энг яхши педагог” номинацияси ғолиби деб топилди. З.Фазлиева олий мактабда “Ўзбек рақси” фанидан дарс бериш билан бирга Республика миқёсидаги “Ёш балетмейстер”,“Рақснинг сеҳрлиолами” каби турли танловларда ўзи саҳналаштирган рақслари ва шогирдлари ижроси билан фаол иштирок этиб келмоқда. Унинг бугунги кунда илмий соҳада олиб бораётган ишларини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Ҳозирги кунда унинг мустақил тадқиқотчи сифатида олиб бораётган илмий изланишлари ўзбек миллий хореография санъатининг долзарб муаммоларини ўрганишга қаратилган. Шу билан бир қаторда яқинда эълон қилинган “Ўзбек рақсини ўрганиш услубиёти” фанидан электрон ўқув қўлланмаси миллий рақс ва хореография соҳасидаги илк янги авлод ўқув адабиёти саналади. Биз Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби жамоаси номидан Зебо Фазлиевани қизғин табриклаш билан бирга унинг келажакдаги илмий-ижодий изланишларида улкан муваффақиятлар тилаб қоламиз.
Гулзайнаб Зулҳайдарова
|
|