Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
08.01.2019 / 11:51:51
"OXUS Culture" жамияти Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси ҳамкорлигида Ўзбекистон номоддий маданий мероси шинавандаларини навбатдаги достон кечаларига таклиф этадиУшбу “Достон кечаси” тадбирида халқ меросининг энг машҳур достонлари бўлмиш “АЛПОМИШ” достони Тошкентда илк маротаба, тўлиқ, жонли тарзда ижро этилади, ва достончилик мероси шинавандалари “Алпомиш” достонини тўлиқ жонли тинглаш имкониятига эга бўладилар. Достон кечаси 15-Январдан 19-январга қадар, 5 кун давомида соат 18:30дан 20:30га қадар давом этади. Тадбир "OXUS Culture" томонидан ташкиллаштирилмоқда. Унда 7 – достон кечаси бўлиб шулардан 5 та достон кечаси айнан Ўзбекистон Тасвирий Санъат Галереяси ҳамкорлигида ташкиллаштирилган. OXUS Culture жамияти томонидан 2015-йилдан буён амалга оширилиб келинаётган достон кечаларида Шеробод достончилик мактаби анъаналаридан “Малла савдогар”, “Келиной”, “Оллоназар Олчинбек” халқ достонлари Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёнов ижросида, Хоразм достончилик анъаналаридан “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” ҳамда “Гўрўғлининг туғилиши” достонлари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Отахон Матёқубов ижросида, шунингдек Қорақалпоғистон достончилик анъаналаридан “Саятхан - Хамра” достони эса Қорақалпоғистонлик ёш бахшилар Гулшинар Кудайбергенова ва Эрисбай Аскаровлар томонидан тўлиқ ижро этилди. Бундай Достон кечаларни ташкил этилиши аждодларимиз қолдириб кетган бой номоддий маданиятимизнинг кенг тарғиб қилишда, ёшлар онгини миллий ватанпарварлик руҳида камол топтиришда муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёнов ижро дастуридан “Алпомиш”достони ва “Гўрўғли” достони туркимига кирувчи бир қанча достонлар, шунингдек достон ижрочилиги йўлидаги халқ қўшиқлари ва термалар ўрин эгаллаган. Абдуназар бахши ижросидаги бир қанча достон ва қўшиқлар Ўзбекистон телерадиокомпанияси олтин фондидан ўрин олиб мунтазам эфирга узатилиб келинади. Шунингдек, Абдуназар бахши ўз ижоди давомида Франция, Белгия, Швейцария, Тайван, Туркия, Туркманистон, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларида ижодий сафарларда бўлиб ўз ижодини намойиш этиб, ўзбек халқ бахшичилик анъаналарини дунё халқлари орасида муносиб тарғиб қилиб келмоқда. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки ушбу лойиҳа OXUS Culture ҳамда Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси ҳамкорлигидаги навбатдаги лойиҳа бўлиб 2013-йилдан буён Шашмақом мусиқа мероси тарғиботига қаратилган “Шашамақом кўргазмаси”, “Шашмақом Фестивали”, ҳамда Ўзбекистон анъанавий ва халқ мусиқа мероси, миллий чолғу ижрочилиги ривожига қаратилган “Мумтоз Мусиқа Оқшоми” номли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Ўзбекистон номоддий маданий меросини сақлаш, ривожлантириш ва тарғиб этиш OXUS Culture нинг ўз олдига қўйган асосий вазифалардан бири бўлиб, халқаро майдонда ҳам бир қанча лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Жумладан 2016-2017 йилларда Хитой, Латвия, Эстония, Финляндия, Испания, Германия, Белгия, Тайван давлатларида Шашмақом, Фарғона-Тошкент мақом анъаналари ижрочилиги, катта ашула ҳамда халқ мусиқа мероси, достончилик анъаналари, миллий чолғу ижрочилиги асосидаги жами 70дан ошиқ, 2018 йилнинг ўзида эса Хитой, Эстония, Финляндия, Польша ва Швейцария давлатларида 40дан ошиқ концертлар амалга оширди.
Тадбирга кириш бепул. Жойлар сони чекланган. Достон кечасига ташриф буюриш истагида бўлган тингловчилар тадбир ташкилотчилари билан боғланишлари лозим. Маълумот учун: (+99871)2331420 (Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси), (+99890)1868294 Ҳусниддин Ато (лойиҳа раҳбари) oxusculture@gmail.com
Достон кечаси жонли тарзда, ҳеч қандай овоз кучайтирувчи мосламаларсиз ижро этилиши сабабли тасвирга олиш ишларини достон ижроларининг аввалги 15 дақиқасида ва охирги 20 дақиқасида амалга ошириш мумин бўлади. Ижрочи ва ташкилотчилар билан интервьюлар ижролардан кейин олиниши мумкин.
|
|