Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое.

Ru   En

Поиск по сайту
Главная
Панорама
Вернисаж Театр Кинопром Музыка Турбизнес Личная жизнь Литература Мир знаний
16.11.2014 / 13:43:10

Ўзбек тилшунослигининг қироличаси


Агар ҳаёт бўлганларида ўзбек тилшунослигига улкан ҳисса қўшган забардаст олима, устозим Мазлума Асқарова бу йил 90 ёшга тўлар эдилар.

Баъзан шогирд устозни танлайди дейишади. Устозим академик Мазлума Асқаровага ғойибона меҳрим беқиёслиги туфайли уларни аввал маънавий сустозим, кейин эса ҳаётим давомидаги асл устозим сифатида танлаган эдим. Университетнинг сиртқи бўлимида ўқиганлигим учун бакалавр босқичида уларнинг маърузасини эшитиш шарафига муяссар бўлмаганман. Бироқ ўзбек тилшунослигининг синтаксисига оид ёзган дарслик ва қўлланмаларини ўқиш жараёнида улар билан хаёлан тилшуносликка оид бирор савол пайдо бўлса суҳбат қурардим. Мазлума опа доимо “Ўзбек тилшунослиги” кафедрасининг кафедра мудири бўлганликлари учун ҳам кафедрада нималарнидир қоғозга чизиб, тинмай ёзиб ўтирар эдилар. Опани кўриш учун кафедрага ишим бўлса-бўлмаса назар ташлаб, уларга салом берардим, бироқ гаплашишга истиҳола қилардим. Мазлума опанинг салобатлари доимо мени босарди.

IV - босқичга ўтгандан сўнггина дугонам Заҳро Эргашева туфайли устоз билан яқиндан суҳбатлаша олдим. Заҳро “Ўзбек тилшунослиги” кафедрасида лаборант вазифасида ишлар ҳамда курсдошим эди. Опа олийгоҳга киришдан олдин қаерни тугатганлигим ва қандай меҳнат фаолиятини юритаётганлигим билан қизиқдилар. Мен, мактабда она тили ва адабиётдан дарс бераётганлигимни, дастлаб бошланғич синф ўқитувчиси сифатида ишлаб, энди эса ўз синфимни то 9-синфни битиргунлигига қадар олиб чиқиш ниятим борлигини, 1-сонли Тошкент педагогика билим юртининг бошланғич синф мутахассислигини тугатганлигимни айтдим. Бирдан   Мазлума опамларнинг юзлари ёришиб, улар ҳам ушбу билим юртида қачондир таҳсил олганликларини, у пайтларда бу билим юртида ўзбек халқининг таниқли намоёндалари шоира Зулфияхоним, Ўзбекистон халқ артистлари Сора Эшонтўраева, Зайнаб Садриевалар таҳсил олишганлиги, билим юртининг Ўқчи даҳасидаги Мирзакаримбойнинг ҳовлисида жойлашганлиги ва унинг тарихи ҳақида гапириб бердилар. Опа менинг ёзган тилшуносликка оид ёзган курс ишларимни кузатиб бориб, ўқишнинг магистратура босқичида таҳсил олишим шарт эканлигини кўп таъкидлардилар.

Бакалаврни тугатгач, магистратура босқичига имтиёзли тарзда қабул қилиндим. Магистрлик диссертациямни Мазлума Асқарова раҳбарлигида “Ўткир Ҳошимов асарларида гапнинг модалликка кўра турлари” деб белгиладик. Юксак илм соҳибаси бўлишига қарамай, опа ўта камтарин эдилар. Оддий талабадан тортиб, то юқори илм соҳибигача бир хил самимият билан муомала қилардилар. Устоздан муомала маданиятини ўрганишга, улар каби сўзларни жаранглатиб қўллашга ҳаракат қилардим. Мазлума опамлар Ленинградда (ҳозирда Санк- Петербург) шаҳридаги Шарқшунослик институтида қийинчиликлар билан таҳсил олганликларини, урушдан кейинги қийин даврларда қоғоз тақчил бўлганидан газета қоғозининг тоза жойидан карточка тайёрлаб, гапларнинг таҳлилини ёзганликларини, бироқ хонадошларининг хусумати туфайли ушбу карточкалар йўқотилиб, қайтадан қоғозга яна тиклаганликларини, устозлари туркийшунос олим профессор К.Боровковнинг илмий тадқиқот олиб бориш усул ва услубларини ўргатганлиги ҳақида гапириб берардилар. Сўздаб берганлари ўз навбатида  илмий иш қилишга нисбатан қатъиятни, кишининг ўзига нисбатан талабчанлигини, борига шукрона келтириш хусусиятларини тарбиялашга хизмат қилган.

Магистратуранинг иккинчи босқичида ўқиётганимда Мазлума опамлар, “Юринг, мен билан дарсга. Дарсимни кузатасиз”, - дедилар. Маърузани ўқиб бўлдилар-у, - “Энди амалий қисмини сиз давом эттирасиз” – дедилар. Кутилмаган ҳодиса бўлганлиги учун гангиб қолдим, бироқ ўимни тез-да тутиб олиб, дарс ўтиш усул ва услубларим асосида машғулотни давом эттирдим. Ўйлаб қарасам, устоз ва менинг ушбу ҳолатим бургут ўз полапонини баланд чўққидан парвозга шайлаганига ўхшар экан. Мазлума опанинг дарс ўтишимга нисбатан бўлган кучли ишончлари менга анча далда бўлиб хизмат қилган. Дарсдан чиққанимиздан кейин устозим профессор Рихсивой юнусов ва Ҳасанхон Жамолхоновларга, “Нигорагинамга маъруза дарсимнинг 45 дақиқасини ишониб топширган эдим, қойиллатди”, - деганларини эшитиб қолдим. Мазлума опа шогирдларини раҳбатлантиришни ҳам, керакли пайтда талабчан бўлишни ҳам усталик билан уддасидан чиқардилар. 

Илмий ишимни тайёрлаш жараёнида устозимдан сўздан сўзни фарқлашни, айрим пайтларда гапнинг шакли мазмунига номутаносиблик жиҳатларини, ҳар бир гапнинг ўзига хос жаранги борлигини, сўз ва гапга нисбатан масъулиятни ўргандим.

Ҳар баҳорда февраль ойида илк бора бойчечак чиққанида ва апрель ойида ҳовлимиздаги марваридгул (ландыш) гуллаганида маҳалламиздаги ва ўзим таниган қарияларга тортиқ қилишни, уларнинг “Омонлиқ-сомонлиқ, кўрмайлик ҳеч ёмонлик. Етказганига шукур”, - дея кўзларига тўтиё қилишларини яхши кўраман. Балки бу одат менга уйимиздаги қарияларни хурсандликларини кўрганимда қувонганимдан қолган бўлса керак. Мазлума опамларга ҳам бойчечак ва марваридгулни тортиқ қилганимда хурсанд бўлиб кетган эдилар ва Ленинград (Санкт- Петербург)даги боғда марваридгул терганликларини мароқ билан сўзлагандилар. Опамлар ҳашаматни эмас, оддийликдаги нафислик ва жозибани севардилар.  Бежизга устозни инсон руҳиятининг меъмори дейишмаса керак.

Мевали дарахт ўзига ишонгани учун ёнида ниҳол ўсиб чиқса, қувонади. Устозимни мевали дарахтга ўхшатаман. Олима  ўнга яқин докторлик ва ўттиздан ортиқ номзодлик диссертацияларга илмий раҳбарлик қилган эдилар. Мазлума Асқарованинг шогирдлари бугунги кунда ҳам юртимизнинг барча олий ўқув юртларида шу кунга қадар самарали меҳнат қилмоқдалар. Устоз илмий ва илмий педагогик кадрларни тайёрлаш ишига доим жиддий эътибор бериб келганлар. Опамлар умрларининг охиригача Ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш олийгоҳида ва Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университетида “Ўзбек тили синтаксиси” бўйича дарс бердилар. Гарчи нимжон бўлиб кўринсалар-да, аудиторияга кирганларидаги салобат, ўктамлик, нутқдаги жозибадорлик, сўзларининг жаранглаши оҳанграбодек кишини ўзига тортар эди. Мазлума опамларни гап таҳлил қилиш жараёнида келтирган ҳар бир мисолларида илмий билимни ўргатиш билан биргаликдаги ҳаёт ҳикматлари ҳам акс эттар эди. Хаёлимда қолган мана шундай мисоллардан бир-иккитаси: “Тухумнинг оқини оқлаб, сариғини сақлаб енг”, “Баланд тоғнинг чўққисига чиқиш учун уни қиялаб ўтмоқ шарт”... Бу орқали устозим “коса тагидаги ним коса”ни англашга ўргатганлар.

Мазлума Асқаровани “Тил илмининг қироличаси” деб эътироф этдим. Улар ўзбек тили илмини оламга ёйилишига катта ҳисса қўшган улуғ тилшуносдирлар. Эътибор беринг, Санкт-Петербургда (1961), Бишкекда (1962), Москвада (1964), Уфада (1966) Олма – Отада(1963, 1983) шаҳарларида ўтказилган халқаро илмий анжуманлардаги қилган маърузалари туркий тиллар синтаксисининг муҳим ва мунозарали масалаларига бағишланган.   Мисоллардан кўриниб турибдики, опа фақат ўзбек тили синтаксисини ўрганиш масалалари билан чегараланиб қолмаганлар.

Мазлума Асқарованинг ҳаёт йўлларига назар тайлайдиган бўлсак, 1924 йилнинг ноябрь ойида тошкент шаҳрида таваллуд топганлар. 32 –ўрта мактабда таҳсил олганлар. 1937 йилда 1-сонли Тошкент педагогика билим юртига, 1940 йилда Низомий номидаги Тошкент педагогика институти (ҳозирда педагогика университети)нинг ўзбек тили ва адабиёти факультетига  қабул қилинганлар. Талабалик йиллари II Жаҳон уруши йилларига тўғри келганлиги боис опа институтнинг тайёрлов бўлимларида, Наримонов номидаги 15-ўрта мактабда ўзбек тили ва адабиётидан дарс берганлар. Наримонов номидаги 15-ўрта мактабнинг ўша пайтдаги ўқувчиси, таниқли ёзувчи Мақсуд Қориевнинг суҳбатларимиздан бирида шундай эслагандилар. Уларнинг айтишларича, синфдаги барча ўқувчилар опанинг гўзалликлари, муомалаларига маҳлиё бўлиб опа берган уй вазифаларни буюрганларидан аъло даражада тайёрлаб келишга ҳаракат қилишар экан. 1944 йилда Мазлума опа институтни имтиёзли диплом билан тугатиб, ўзбек тилшунослиги бўйича аспирантурага қабул қилинадилар. Таҳсил тугагач эса 1948 йилдан шу институтнинг Ўзбек тилшунослиги кафедрасида ўқитувчи бўлиб ишлай бошлайдилар.

Бўлажак олима 1951 йилда номзодлик диссертациясини, 1963 йилда эса туркийшунос олим, профессор К. Боровков раҳбарлигида докторлик диссертациясини ҳимоя қиладилар. 1964 йилдан бошлаб то 2005 йилгача Ўзбек тилшунослиги кафедрасини бошқарадилар.

Мазлума Асқарованинг 1968 йилдан кейинги илмий фаолияти анча самарали бўлган. Унинг иштирокида олий ва ўрта таълим тизими учун яратилган дарслик, дастур ва методик қўлланмаларнинг аксарияти шу даврда ёзилган. Олима муаллифлиги ва ҳаммуаллифлигида яратилган “Ўзбек тили” дарслиги 1968 йилдан то 2005 йилгача таълимнинг барча босқичларида фойдаланилган. Айниқса, опа яратган “Она тили” (4-синф учун), “Она тили” (7-8-синфлар учун) “Ўзбек тили” (педагогика билим юртлари учун) дарсликлари ҳар тарафлама мукаммаллиги, дидактика талабларига жавоб бериши билан ажралиб турарди.

Устозимнинг илмий фаолиятида қўшма гап синтаксиси, айниқса, эргашган қўшма гап муаммоларини тадқиқ этиш алоҳида ўрин тутган. Олима бу соҳада ярим асрдан ортиқ илмий изланишлар олиб борган ва бир қатор монография, илмий рисола ва мақолалар яратган эдилар. “Боғловчисиз боғланган қўшма гаплар” (1955 йил), “сабаб ва мақсад эргаш гапли қўшма гаплар” (1957 йил), “Аниқловчи эргаш гапли қўшма гаплар” (1959 йил), “Ҳозирги замон ўзбек тилида қўшма гаплар” (1960 йил), “Эргашган қўшма гапларнинг синтактик синонимияси” (1963 йил), “Ҳозирги ўзбек тилида эргашиш шакллари ва эргаш гаплар” (1966 йил), “Қўшма гапнинг кўчирма гап тури ҳақида” (1981 йил) каби илмий асарлари ана шу заҳматларнинг маҳсули сифатида юзага келган.

Профессор Мазлума Асқарованинг туркологияга қўшган ҳиссасини атоқли олимлар эътироф этишган. Жумладан, Е.И. Убрятова (Москва), - “Мазлума Асқаровна Асқарова дунё туркологиясининг олтин фондидан ўрин олган тадқиқот яратган”,- деган эди. “Ҳозирги ўзбек тилида эргашиш формалари ва эргаш гаплар” (1966 йил) монографияси АҚШдаги Гарвард университети кутубхонасида сақланаётганлиги, швециялик, туркиялик, япониялик қатор туркийшунос тилшуносларнинг Мазлума Асқарованинг илмий фаолиятига қизиқиш билан илмий рисоласини ўқиётганлиги ҳам профессор Е.И.Убрятованинг ўзбек олимаси фаолиятини жуда тўғри баҳолаганлигидан далолат беради.

Профессор Мазлума Асқарованинг хизматлари Ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланган. Улар Ўзбекистон Олий Кенгаши Президиумининг (1965, 1985), ўзбекистон Халқ маорифи Вазирлигининг (1972, 1974, 1975, 1984) Фахрий ёрлиқлари билан мукофотланганлар. Шунингдек, “Халқ маорифи аълочиси нишони” (1974), “Ҳурмат белгиси” ордени (1978), “Мустақиллик медали” (1992) ҳамда “Шуҳрат медали” (1994) билан мукофотланган эдилар.

Ровийлар ривоятларда келтиришларича, қайсидир бир олим вафот этар чоғида, “Қабримни ердан эмас, балки илмга чанқоқ қалблардан топинглар”- деган экан. Ўзбек тилшунослиги илмини ўрганишга иштиёқманд қалблар бор экан, устозим, олима Мазлума Асқарованинг ёрқин хотираси доимо биз билан биргадир.

                                                                                                     Нигора УМАРОВА





Другие материалы рубрики

16.11.2014 / 12:56:18

О праздновании 100-летнего юбилея народного поэта Узбекистана Зульфии

В Комитете женщин Узбекистана состоялось совещание, посвящённое выполнению Постановления Президента "О праздновании 100-летнего юбилея народного поэта Узбекистана Зульфии". Далее...

16.11.2014 / 02:02:31

Межкультурный диалог

Масштабные проекты, осуществляемые Организацией Объединенных Наций по вопросам образования, науки и культуры (ЮНЕСКО) Далее...

14.11.2014 / 19:25:35

РЕСПУБЛИКАНСКИЙ ЭТАП ФЕСТИВАЛЯ ДЕТСКОГО ТВОРЧЕСТВА "КАМАЛАК ЮЛДУЗЛАРИ-2014"

С 15 по 20 ноября в Государственной консерватории Узбекистана и в Республиканском художественном колледже будет проходить Республиканский этап Фестиваля детского творчества "Камалак юлдузлари-2014". Из 7212 участников принявших участие в областном отборочном туре на республиканский этап прошли 698 человек. Далее...

14.11.2014 / 18:52:41

НАЗНАЧЕН ВР.И.О. МИНИСТРА ПО ДЕЛАМ КУЛЬТУРЫ И СПОРТА УЗБЕКИСТАНА

12uz.com — Заместитель министра — главный директор эстрадного объединения "Узбекнаво" Баходир Ахмедов назначен вр.и.о. министра по делам культуры и спорта Узбекистана. Далее...

14.11.2014 / 18:37:09

"Менинг юртим"

ИА "Жахон" - 12 ноября началось тестовое вещание нового телеканала "Менинг юртим". Далее...





11.05.2024 / 10:22:10
Спектакль "ЦАРСКАЯ НЕВЕСТА", посвященный 180-летию со дня рождения великого русского композитора Николая Андреевича РИМСКОГО-КОРСАКОВА.
 
08.05.2024 / 10:37:58
В Большом театра Узбекистана имени Алишера Навои отметили 40-летие премьеры балета композитора Улугбека Мусаева "Томирис" в постановке народного артиста Узбекистана Ибрагима Юсупова
 


25.04.2024 / 13:02:16
Международная премьера художественного фильма узбекского кинорежиссера Зульфикара Мусакова "Шурочка". О чем подумали зрители...
 
13.04.2024 / 14:06:55
"ШУМ БОЛА" XI-ФЕСТИВАЛЬ КИНО ДЛЯ ДЕТЕЙ И МОЛОДЕЖИ
 


16.05.2024 / 11:12:14
В Самарканде и Ташкенте пройдут концерты Хора Турецкого&Soprano
 
14.05.2024 / 11:57:27
В Ташкенте начался цикл творческих вечеров, посвященных 90-летию Заслуженного деятеля искусств Узбекистана, композитора Феликса Янов-Яновского. Он открылся концертом камерной музыки в зале Союза композиторов и бастакоров Узбекистана
 


02.05.2024 / 16:35:40
Фестиваль "Бойсун Бахори" ("Байсунская весна") Узбекистан
 
10.04.2024 / 12:00:56
Предстоящий в Узбекистане международный фольклорный фестиваль "Весна Байсуна" в фокусе внимания СМИ Казахстана
 

 





Главная Панорама Вернисаж Театр Кинопром Музыка Турбизнес Личная жизнь Литература Мир знаний

© 2011 — 2024 Kultura.uz.
Cвидетельство УзАПИ №0632 от 22 июня 2010 г.
Поддержка сайта: Ташкентский Дом фотографии Академии художеств Узбекистана и компания «Кинопром»
Почта: Letter@kultura.uz
   

О нас   Обратная связь   Каталог ресурсов

Реклама на сайте