Истиқлол йилларида Президентимиз раҳнамолигида халқимиз маънавий меросини чуқур ўрганиш, халқимизнинг истеъдодли вакиллари томонидан яратилган миллий мумтоз асарларни тўплаш ва кенг тарғиб этишга катта эътибор қаратилди. Халқ қўшиқчилик санъатида элимизга хизмат қилган, бор билим ва меҳнатини ўз юрти учун бахшида этган барҳаёт сиймоларни хотирлаш, улар ижро этган қўшиқларнинг авлоддан-авлодга ўтиб, ёшлар қалбига жо этиш, ўчмас садо бериб туришини, халқимиз ўртасида ушбу санъат турини кенг тарғиб қилиш ва шу орқали иқтидорли ёшларни кашф этиш мақсадида Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик маркази томонидан кейинги йилларда кўплаб кўрик-танлов ва фестиваллар ўтказилмоқда. Хусусан, Хоразм вилоятида ўзбек миллий қўшиқчилик санъатида ўчмас из қолдирган Ўзбекистон халқ артистлари Комилжон Отаниёзов, Тошкент шаҳрида Таваккал Қодиров хотирасига бағишланган кўрик-танловлар ташкил этилди. Катта ашула, миллий мумтоз халқ қўшиқларини куйлаб, ўз салоҳияти, иқтидори ва маҳоратини намойиш этган жаъми 300га яқин иштирокчилар орасидан 30 нафар моҳир ижрочилар сараланиб, Марказ томонидан рағбатлантирилди.
Ҳақиқий санъаткорнинг соз ва овоз уйғунлигидаги ижроси кўнгилларга бамисоли малҳам, шифобахш неъматдир. Ёқимли қўшиқ дилларни яйратиб, руҳиятимизга тетиклик, кўтаринкилик бахш этади. Ўзбекистон халқ ҳофизи Маъмуржон Узоқов куйлаган қўшиқлар ана шундай оромбахш, оташга тўлиқ. Жорий йилнинг 21-22 июль кунлари Марказ томонидан Фарғона вилояти Марғилон шаҳар Маъмуржон Узоқов номидаги маданият ва истироҳат боғида устоз санъаткор хотирасига бағишланган Республика кўрик-танлови ўтказилди. Улуғ санъаткорларни эъзозлаш, ёш ижодкорлар қалбида етук санъат намоёндаларининг ижодий меросига ҳавас ва қизиқиш уйғотиш, ижодий масъулият ҳиссини ошириш, саҳна маданияти ва одобини шакллантириш, истеъдодли ёш ижрочиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик маркази томонидан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Республика Маънавият тарғибот маркази, Ўзбекистон Республикаси “Камолот” ЁИҲ Марказий Кенгаши ҳамда вилоят ҳокимлик органлари билан ҳамкорликда ўтказилди. Кўрик-танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда вилоятларда ўтказилган биринчи босқичида юзлаб иштирокчилар қатнашган бўлса, якуний Республика босқичида жами 30 дан ортиқ истеъдодли ҳаваскор ижрочилар ўзаро ижодий беллашдилар.
- Маъмуржон Узоқов, шубҳасиз, ўзбек миллий мусиқа ижрочилигининг буюк намоёндаси, мумтоз хонандаликда ўз ижро мактабини яратган улуғ санъаткор. “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби Маъмуржон Узоқов куйлаган “Сувратинг”, “Йўлингда”, “Якка бу Фарғонада”, “Мустаҳзод”, “Бир келиб кетсун”, “Шўхи паривашга”, “Қачон бўлғай”, “Шайдо бўлибман”, “Ёр истаб” каби ашулалари халқимиз кўнглидан жой олиб, ҳали ҳануз юрак торларини чертиб турибди. У ижро этган ашулаларни нафақат устоз санъаткорлар, балки ёш ижрочиларнинг ҳам катта саҳналарда куйлаб келаётгани бежиз эмас. - дейди Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик маркази директори Азамат Ҳайдаров. ¬– Кўрик-танловни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад ҳам устоз санъаткорни хотирлаш, ижрочилик меросига эҳтиром кўрсатиш, ёшлар орасида устоз санъаткорнинг ижрочилик услубини тарғиб қилиш ҳамда у куйлаган қўшиқларни матн ва оҳанг қоидаларига риоя қилиб, хато ва камчиликларсиз ижро этилишини таъминлаш, замонага мос етук хонандаларни тарбиялаш ва уларга тўғри йўл-йўриқ кўрсатишдан иборатдир.
Танловда ижро этилган муаллифлик асарлари ашуланинг жанрий хусусиятлари, матннинг савияси ва оҳангга мослиги, мусиқанинг миллийлиги, либослар ҳамоҳанглиги, ижрочининг овозни ишлатиш маҳорати, саҳнада ўзини тутиши эътиборга олиниб, Ҳакамлар
ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Танлов натижаларига кўра, иккинчи ўрин Сададдин Сапаев (Қорақалпоғистон Республикаси), Жасурбек Қурбонов (Хоразм вилояти) ҳамда Аббос Ғаффоров (Тошкент шаҳри)га берилди. Учинчи ўринни Умаржон Қурбонов (Фарғона вилояти), Адҳам Абдулҳаев (Андижон вилояти), Эргаш Жуманиёзов (Хоразм вилояти) ҳамда Муродулло Ҳакимов (Тошкент шаҳри) эгалладилар.
Ғолиблар Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик марказининг I, II, III даражали дипломлари, қимматбаҳо совғалари, Маъмуржон Узоқов қўшиқлари жамланган диск, шеърий ва бадиий китоблар, ҳомийлар ва ҳамкор ташкилотларнинг фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Назокат АҲМЕДОВА,
Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий
ишлар илмий-методик маркази бўлим бошлиғи