Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
07.05.2014 / 13:17:36
Озодбек Назарбеков билан ижодий учрашув6 - май куни ўзининг доимий анъаналарига содиқ қолган ҳолда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси китобхонлар учун навбатдаги ижодий кечани ташкил этиб берди. Бу галги ижодий учрашув халқимизнинг севимли санъаткори, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков билан бўлди. Тадбирда мулоқот зали мухлислар билан тўлди. Матбуот ходимлари, теле ва радио журналистлар, шоир ва ёзувчилар иштирокидаги бу тадбирни ёш ижодкор Аҳад Қаюм олиб борди. Дастлаб у кеча иштирокчиларига Озодбек Назарбеков ҳақида қисқача маълумот бериб ўтди. Шундан сўнг Озодбек Назарбеков ижросидаги жонли ижродаги янги қўшиқлар бирин - кетин жаранг сочди. Шу билан бир қаторда мухлислар санъаткордан ўзлари учун кўплаб саволларга жавоб олишди. Эътиборингизга шундай савол - жавоблардан айримларини ҳавола қиламиз:
МУХЛИС: Озодбек ака, санъаткор аҳли ижод оламига кириб келишда дастлаб устозлари ёки ўзи ҳурмат қилган санъаткорлар қўшиқларини айтиб илк қадамларини ташлайди. Сизнинг ҳам илк ижро этган қўшиқларингизда раҳматли узтозингиз Муҳриддин Холиқов оҳанги, нафаси сезилиб туради. Аммо кейинчалик эса ўз услубингизни топиб, санъат йўлини давом эттирдингиз. Буни қандай изоҳлайсиз? ОЗОДБЕК НАЗАРБЕКОВ: Тўғри айтдингиз, дастлабки қўшиқларим раҳматли устозим Муҳриддин Холиқов оҳангига яқин услубда куйланган. Албатта, кимдир у хоҳ санъаткор бўлсин, хоҳ бошқа соҳа вакили, кимгадир тақлид қилиб, ёки кимгадир ҳавас қилган ҳолда ўхшатиб ишлашни маъқул кўради. Мени дастлабги ижодимдаги бу ҳолатни эса ижодим йўлидаги суянчиқ сифатида қабул қиламан. Кейинчалик эса ўз йўналишимни топишим – бу мени санъатимга керак бўлган танлаган қароримдир. Чунки, тасаввур қилинг 40 йилдан буён яшаб келаётган Озодбек бир хил усулда, бир хил оҳангда куйласа ҳамма муҳлислар зерикади. Ҳатто ўзимга ҳам бир хиллик ёқмайди. Ижодкор доим изланишда бўлиши ва янгилик яратиб мухлисларига тақдим этиши керак. Бу эса барча касблар қатори биз санъаткорларнинг ҳам касбимиз олдидаги масъулиятдир
МУХЛИС: Озодбек ака, билишимча ҳаётда жуда синчков, кузатувчан одамсиз. Билмадим, менга шундай туюлади. Ҳар бир ҳолатларга аҳамият беришга ҳаракат қиласиз. Сизга бу ҳолат қўшимча вақт талаб қилмайдими, қандай вақт топасиз? ОЗОДБЕК НАЗАРБЕКОВ: Биласизми, мен аслида ундай эмасман. Аксинча, ҳеч нарса, ҳеч ким билан ишим йўқ. Шундай қилмаса ҳам бўлмас экан. Ҳатто эртага нима иш қилишимни ҳам билмайман. Мен билан бирга ишлайдиган йигитлардан сўраб билиб оламан, эртага қаерга боришим, қандай байрам ёки тадбирда хизмат қилишим кераклигини. Буни ҳам бўлса бир кун олдин сўраб билиб олишимнинг сабаби эрталаб соат нечада туришим кераклигини билишим учун (залда кулгу кўтарилади). Мени бундай иш юритишимдан эса тан олиб айтаман, фарзандларим ота меҳрига тўёлмаяпти. Гоҳ кеч келаман, яна эрталаб хизмат билан фарзандларим уйғонмасдан кетиб қоламан. Ҳатто 10 –15 кунлаб оилам бағрига қайтмаган пайтларим бўлади. Оилам билан мени ҳам дам олгим келади. Бир йилда бир оилам билан тоққа сайр қилсам, шунинг ўзи бир неча йилга етади. Эслаб кўнглимни кўтариб юраман(кулади). На чора, касбимни севаман. Касбим шуни тақазо этар экан чидашга мажбурман. МУХЛИС: Касбингиздан норизо бўлган пайтларингиз бўлганми? Санъатни деб йиғлаганмисиз? ОЗОДБЕК НАЗАРБЕКОВ: (Чуқур хўрсиниб) Ҳа, афсуски йиғлаган пайтларим бўлган. Мен ютуқ ёки қувонч кўз ёшларини эмас, санъатимни деб изтироб билан йиғлаганимни назарда тутаяпман. Сизга шулардан қалбимда энг аламли бўлиб қолган бир воқеани айтиб берай: Ўғлим бетоб эди, ҳали кичкина. Эмлатгандик. Иситмаси 2-3 кун тушмай бизни хавотирга солиб турган пайтлар эди. Ҳеч иситмасини тушай демасди. Менга эса бундай кунда сафарга кетишга тўғри келиб қолди. Ваъда берганман халқ хизматига, тўйга боришим керак эди. Шундай қилиб тўйга кетдим. Тўйга хизмат қилаяпман-у хаёлим уйда. Бироз нафас ростлаш баҳонасида уй билан боғланаман. Тўйхонадагилар эса бетоқатлигимни тушунишмай, норизо бўлгандек бўлишади. Хуллас, ўғлим иситмаси кўтарилиб судурги бера бошлаган. Шифокорлар эса боланинг отаси ёнида бўлишини таъкидлашган. Чунки ўғлим узоқ юқори иситмадан ўзига келолмай, алаҳсирай бошлаган. Боламни олиб қолиш имконияти деярли бўлмаган. Мен эса бу вақтда уни ёнида бўлмай тўйхонада юрибман(яна хурсиниб давом этди). Уйга машинада қайтаяпман-у, кўз ёшларимни тиёлмайман. (бироз сукутдан сўнг яна давом эттирди) Бу воқеа сиз айтгандек касбим учун йиғлаган энг изтиробли воқеа бўлиб қалбимда ўйилиб қолган.
Танлаган йўлимда норизоли бунга ўхшаш воқеалар кўп бўлади. Масалан: узоқ вақт кўришмаган қадрдон дўстларим келганида сафарга кетиб қоламан. Ёки бирор яқин инсонимни яхши – ёмон кунида ёнида бўлолмай сафарларда юраман. Касбимни севганлигим боис, буларга чидаб ўтишга мажбурман. Қилган меҳнатим эвазига эса қўлга киритган ютуқларим ҳаётимдаги бундай хира кунларни унутишга кўмак бўлади.
Савол – жавобларга уланган жонли ижродаги қўшиқлар, оҳангга ташна кўнгилларни шодликка тўлдирди. Ҳофиз ижро этган қўшиққа жўр бўлиб куйлаган мухлислар, ҳатто шўх тароналарга рақсга тушиб кетишди. Тадбир сўнггида Озодбек Назарбеков бу ижодий кечадан хурсандлигини таъкидлаб, мухлисларни унга бўлган чексиз ҳурмати учун барча келганланга ўзининг самимий миннатдорчилигини билдирди. Шу тарзда ниҳоясига етган тадбир келганлар хотирасига яна бир гўзал кунни муҳрлаб қолдирди
Комилжон Аслонов 6 - май, 2014 –йил
|
|