Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. |
|
|
05.06.2014 / 10:21:33
Юрий Штерк: Фильмлар Европа билан Ўзбекистонни яқинлаштиради
Жорий йилнинг 3 июнь куни Алишеер Навоий номидаги кино саройида Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси “Ўзбеккино” Миллий агентлиги кўмагида ташкил этган Европа киноси фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Фестивалнинг очилиш маросимида “Ўзбеккино” МА бош директори Жаҳонгир Қосимов йиғилганларга қутлов сўзи билан мурожаат қилиб, бундай кинофестивалнинг ўтказилиши ўзаро тушуниш ва дўстона муносабатларни ривожлантиришга, шунингдек, Ўзбекистон билан Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар ўртасидаги маданий алмашувга кўмаклашишини қайд этди. Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Юрий Штерк жанобларининг фикрича, Ўзбекистонда Европа киноси фестивали иккинчи марта ўтказилмоқда ва унда иштирок этаётиган мамлакатлар сони 11 тагача кенгайди. Ушбу фестиваль ҳар йили 9 май куни нишонланадиган Европа куни доирасида ташкил этилмоқда. Қайд этиш лозимки, ваколатхона шу муносабат билан бир қанча тадбирлар, жумладан, Европа парламенти фаолиятига бағишланган фотокўргазма ва очиқ эшиклар кунини ўтказди. – Кино маданий алмашув ва тушунишнинг муҳим бўлагидир, яхши кино одамларни яқинлаштиради; у ҳамдард бўлиш ва драманинг бир қисмига айланиш имконини беради... Кино бошқа маданиятлар ва анъаналарга чўмдиради, чет эл нутқини эшитиш имконини беради... Биз бугун намойиш этилаётган фильмлар Европани Ўзбекистонга яқинлаштиришига, ўзбекистонликларни Европанинг кундалик ҳаёти ва ўтмиши, европаликларнинг орзу-умидлари, муаммолари, қувончлари ва ғалабалари, шунингдек, умид-истаклари билан таништиришига сидқидилдан умид қиляпмиз, – деди у. Эслатиб ўтамиз, Европа киноси кунлари таниқли испан кинорежиссёри Пабло Берхернинг “Қордек оппоқ” фильми билан очилди. Ушбу фестиваль Тошкентдан ташқари 4-8 июнь кунлари Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ҳам бўлиб ўтади ва 3 шаҳарда жами 13 та Европа бадиий ва анимацион фильми намойиш этилади.
|
|