Мы освещаем новости культуры Узбекистана: театр, кино, музыка, история, литература, просвещение и многое другое. | ![]() |
|
|
![]() |
15.03.2020 / 21:15:54
Дўст билан обод уйинг![]() Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари Қўмитасида Республика Тожик миллий маданий маркази билан ҳамкорликда Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Халқ шоири Эркин Воҳидовнинг зуллисонайн шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Республика Тожик миллий маданий маркази раиси Жаъфар Муҳаммад Термизий таржимасидаги бир туркум шеърларини ўз ичига олган ва илк маротаба тожик тилида китоб шаклида нашр этилган “Дўст билан обод уйинг” – “Хонаат бо дўст обод” китоби тақдимотига бағишланган маданий-маърифий анжуман ўтказилди. Тадбирни Қўмита раиси ўринбосари Азамат Тошев очиб берди. У азалдан дўсту қардош бўлган ўзбек ва тожик халқларининг бир-бири билан чамбарчас боғланиб кетган дўстлик ва биродарлигини тараннум этувчи бундай тадбирлар Республика Тожик миллий-маданий маркази томонидан кўплаб ўтказилаётгани қувонарли ҳол эканлигини таъкидлади. Китоб таржимони Жаъфар Муҳаммад Термизий Эркин Воҳидов шеърияти инсоннинг инжа туйғулари ва фалсафий мушоҳадаларини ўзида акс эттиргани учун халқ уни ниҳоят севишини, бу бой меросдан албатта, тожик китобхони ҳам бебаҳра қолмаслиги кераклиги ҳақида сўз юритди. Тожик ва Ўзбек халқаларининг тарихи минг йилликларга бориб тақалади. Ота-боболаримиз муштарак дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти бош мутахассиси Рустам Турсунов. “Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий, Мирзо Турсунзода ва Эркин Воҳидовлар инсонда эт ва тирноқ қанчалар яқин бўлса шунчалар яқин бўлишган. Бу китоб Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг 29та шерларининг таржимасидан иборат. Бу ўзбек ва тожик халқалари ўртасидаги маънавий муносабатларнинг янада яқинлашувига туртки беради. Ушбу китобни мамлакатимиздаги тожик тилига ихтисослашган мактабларга тарқатдик. Ўйлаймизки, бу китоб шеъриятни тушунадиган инсонларнинг нафақат жавонидан, балки, қалб тўридан жой олади деган умиддамиз.” Анжуманда шунингдек, Тожикистон Республикаси элчихонаси вакиллари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, талаба ёшлар ва ОАВ ходимлари иштирок этишди. Тадбир давомида мен ушбу китобни кўздан кечиришга улгурдим дейди Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Содиқ Имомий. “Шуни айтишим мумкинки, унда ажойиб, бетакрор шерлар ўрин олган. Улардаги кўплаб мисралар ўзбек ва тожик халқларининг дўстлигига бағишланган. Эркин Воҳидов бу дўстликни бутун умри давомида ҳис қилган. У шунингдек тожик адабиётининг классик намуналарини ўзбек тилига ҳам таржима қилган. Ишончим комилки, ушбу китоб нафақат Ўзбекистондаги тожиклар орасида, балки, Тожикистонликлар орасида ҳам ном қозонади. Фикримча, шеъриятга бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон орасида ушбу китоб самимий эътирофларга сазовор бўлади.” Адабиётшунос олим, “Нақшбандия” журналининг Бош муҳаррири Султонмурод Олим, Қўмита кутубхонаси раҳбари Раъно Ҳасанова, шоир ва адабиётшунос Абдуқайюм Ҳасанзода китоб таржимаси ҳақида ўз мулоҳазаларини баён этишди. Жўрабек Расулов Республика тожик миллий маданий маркази фаоли: “Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон қаҳрамони Эркин Воҳидовнинг “Дўст билан обод уйинг гар бўлса у вайрона ҳам, Дўст қадам қўймас эса, вайронадир кошона ҳам” сатрларидан келиб чиқиб шуни айтамизки, Икки халқ, икки қалб, икки миллатнинг дўстлиги узилмас ришталар шулар боисдир”. Тадбирнинг амалий қисмида иштирокчилар эътиборига мусиқий лаҳзалар ҳавола этилди. Унда Республика Тожик миллий маданий марказининг фаол аъзолари, хонандалар Жўрабек Расулов ва Ғойибжон Ашуров Эркин Воҳидовнинг Жаъфар Муҳаммад таржимасидаги шеърларини тожик тилида куйга солиб ижро этишди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси матбуот хизмати
| ![]() |
![]()
|